Oxirgi daqiqa

Туркия Ўзбекистон Феруза Эшматова Шереф Малкўч Туркия Республикаси Адлия вазирлиги

Ўзбекистон ва Туркия Омбудсманлари ҳамкорлиги ривожланмоқда

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматова бошчилигидаги делегация Туркия давлатига амалий ташриф қилди.

Ташрифнинг илк кунида делегация вакиллари Туркия Республикаси пойтахти Анқара шаҳрида Туркия парламентининг бош Омбудсмани Шереф Малкўч ва унинг ҳамкасблари билан учрашди.

Ўзаро мулоқотда икки мамлакат раҳбарларининг сиёсий иродаси, қатъияти ҳамда улар ўртасида ўрнатилган ўзаро ишонч ва дўстлик ришталари Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги муносабатлар тарихида мутлақо янги саҳифа очилишига имкон яратиб бераётгани таъкидланди.

Учрашувда Ўзбекистон ва Туркия Омбудсманлари ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Мазкур ҳужжат инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида икки мамлакат Омбудсманларининг мустаҳкам ҳамкорлигига замин яратди.

Меморандум доирасида Туркия Республикаси ҳудудидаги Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги Туркия Республикаси фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларининг бузилиши ҳолатлари бўйича келиб тушган мурожаатларни ҳал этишда кўмаклашиш кўзда тутилган.

Қолаверса, инсон ҳуқуқларини таъминлаш юзасидан ўзаро тажриба алмашиш, ходимлар малакасини ошириш, ҳар иккала давлат учун долзарб бўлган мавзулар ва йўналишларда турли форум, конференция ва семинар-тренинглар ўтказиш ҳамда аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш мақсад қилинган.

Омбудсманлар оммавий ахборот воситалари учун ташкил этилган матбуот анжуманида иштирок этиб, журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб берди.

Матбуот анжуманидан сўнг томонлар инсон ҳуқуқларини таъминлашдаги фаолиятининг ўзига хос жиҳатлари ва натижалари юзасидан ўзаро тажриба алмашди.

Ташриф доирасида бошқа қатор учрашувлар ҳам ташкил этилди.

Туркия Республикаси Адлия вазирлиги ҳуқуқий масалалар бўйича бош директори Хакан Озтатар билан ўтказилган учрашувда томонлар Ўзбекистон ва Туркия давлатлари муносабатлари ҳар соҳада ривожланиб бораётгани ва бу иккала томон учун ҳам манфаатли эканлиги қайд этилди.

Хакан Озтатарнинг сўзларига кўра, ҳозирда Туркия бош Омбудсмани ва Туркия Республикаси Адлия вазирлиги ўртасида жисмоний ва юридик шахслар ўртасидаги масалаларни ҳал этиш бўйича яраштирув институтидан кенг фойдаланиш борасида мустаҳкам ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Туркияда давлат ва фуқаролар, юридик ва жисмоний шахслар ўртасидаги ҳамда оилавий муносабатлардаги зиддиятлар ва низоли муаммоларни ҳал этишда яраштирув институтига талаб ортиб бормоқда. Аввал муаммолар фақат суд орқали ҳал этилган бўлса, ҳозирда фуқаролар кўпинча яраштирув институтига мурожаат қилади. Ушбу масалалар билан Туркия Республикаси Адлия вазирлигидаги тегишли бошқармага қарашли 17 минг нафар яраштирув вакиллари шуғулланади.

Бундан ташқари, Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил Туркия Буюк миллат мажлисидаги “Туркия – Ўзбекистон” парламентлараро гуруҳи раиси Осман Местен ҳамда Туркия Олий Маъмурий суди президенти Зеки Йигит билан ҳам учрашди.

Учрашувларда инсон ҳуқуқларини таъминлашда парламентлараро, ҳукуматлараро ҳамкорликни ҳар томонлама мустаҳкамлаш масалалари муҳокама этилди ва ўзаро тажриба алмашилди.

Н.Абдураимова, ЎзА

Related articles