Oxirgi daqiqa

Ўзбекистон

Ўзбекистон – Туркманистон: икки томонлама манфаатли ҳамкорлик янада ривожланади

Бухорода ўтказилган Биринчи Ўзбекистон – Туркманистон ҳудудлараро форумида умумий қиймати 451 миллион долларлик инвестиция ва савдо битимлари имзоланди.

Тадбирда икки мамлакат делегацияларига Ўзбекистон томонидан Бош вазир ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзақов, Туркманистон томонидан Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари Ботир Атдаев раҳбарлик қилди.

Томонлар ҳудудлараро алоқаларни мустаҳкамлаш ва иқтисодий самарадорлиги юқори бўлган ташаббусларни биргаликда амалга ошириш учун қўшма амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқишга тайёр эканликларини билдиришди. Икки мамлакат ҳудудлари раҳбарлари ва бизнес миссияларининг ўзаро ташрифларини ташкил қилиш йўлга қўйилиши таъкидланди. Бундан ташқари, ҳудудлар ўртасида ҳамкорликнинг янги йўналишларини ташкил этиш, истиқболли лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва мувофиқлаштириш, уларни ҳаётга татбиқ этиш билан боғлиқ барча масалаларни ҳал қилиш учун доимий ишчи гуруҳлар фаолияти йўлга қўйилиши маълум қилинди.

Форумда инвестициявий, саноат ва савдо муносабатларини ривожлантириш учун қишлоқ хўжалиги, автомобилсозлик, кимё, тўқимачилик, чарм-пойабзал ва электротехника саноати каби энг истиқболли йўналишларга алоҳида эътибор қаратилди.

Ҳудудлараро алоқаларни ривожлантириш нуқтаи назаридан чегараолди савдо зоналарини фойдаланишга топшириш, савдо уйларини очиш ҳамда юқори технологияли ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил қилишга қаратилган қўшма лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштириш муҳимлиги таъкидланди.

Сўзининг якунида делегациялар раҳбарлари Ўзбекистон ва Туркманистон ҳудудлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни мустаҳкамлаш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва ҳудудлараро ҳамкорликнинг янги ўсиш нуқталарини кашф этиш бўйича фаол ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдиришди.

Форум давомида икки мамлакат Савдо-саноат палаталари раҳбарлари, вилоятлар ва тегишли идоралар раҳбарлари ҳам сўзга чиқди. Улар томонидан инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш салоҳияти ва истиқболлари, шунингдек, икки мамлакат тадбиркорлари ўртасида саноат кооперациясини ташкил қилиш бўйича аниқ таклифлар тақдим этилди.

Бундан ташқари, тадбир доирасида иштирокчиларнинг “B2G” ва “B2B” форматидаги учрашувлари ҳамда икки томонлама ҳужжатларни имзолаш маросими бўлиб ўтди. Форум якунида умумий қиймати 451 миллион долларлик инвестиция ва савдо битимлари имзоланди.

Зариф Комилов,

Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА

Related articles