Ўзбекистонда автомобиль савдоси сезиларли даражада ошди

Ўзбекистонда автомобиль савдоси сезиларли даражада ошди

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази экспертлари хабар беришича, жорий йилнинг октябрь ойида Ўзбекистон автомобиль бозорида савдо ҳажми 2019 йил октябрь ойига нисбатан 31,1 фоизга ўсди.

Жорий йилнинг октябрь ойида республикада автомобил олди-сотдиси бўйича битимлари сони сезиларли даражада ошди. Жорий йилнинг сентябрь ойига нисбатан ўсиш 32,6 фоизни ташкил этди. Маҳаллий автомобил бозорида талаб миқдори 2020 йил октябрь ойи билан таққослаганда 10 фоизга ошди.

Қайд этиш керакки, ўтган йилнинг август ойи ўрталарида коронавирус пандемияси туфайли ўрнатилган чекловлар бекор қилинганидан сўнг, август ойида автомобилларга бўлган талаб июль ойига нисбатан 54,3 фоизга ошган эди. Кечиктирилган талабни қондириш йил охирига қадар давом этди.

Шу тариқа маҳаллий автомобиль бозори 2020 йилнинг кузидаёқ инқирозгача бўлган даврдаги кўрсаткичларига қайтди ва шу йилнинг октябрь ойида сезиларли даражада ўсишни кўрсатди.

Коронавирус пандемияси оқибатида микрочипларнинг глобал тақчиллиги автомобиль саноатида ишлаб чиқаришни ривожланишини тўхтатиб турибди. Бундай шароитда автомобиль бозорининг сезиларли ўсиши асосан иккиламчи бозорда савдо ҳажмининг ўсиши билан изоҳланади. Октябрь ойида 50,1 минг дона автотранспорт воситалари сотилган бўлса, сентябрь ойида ушбу кўрсаткич 40,3 минг донани ташкил этди. Бирламчи автомобиль бозорида ҳам сезиларли жонланиш кузатилмоқда. Октябрь ойида 20,6 мингта янги автомобил сотилди, бу эса сентябрь ойидаги кўрсаткичга нисбатан 58,5 фоизга кўпроқ.

Ҳудудлар кесимида энг юқори ўсиш суръатлари Сурхондарё (60,4 фоиз), Навоий (55,9 фоиз), Бухоро (53,4 фоиз) ва Тошкент (50,2 фоиз) вилоятларида кузатилди. 2021 йилнинг октябрь ойида 18,5 минг дона янги енгил автомобиллар давлат рўйхатидан ўтказилди. Шундан, 1,4 мингтаси чет элда ишлаб чиқарилган автомобиллар ҳисобланади.

Экспертларнинг таъкидлашича, чет элда ишлаб чиқарилган автомобиллар савдоси сентябрь ойига нисбатан бироз камайган, август ойига нисбатан эса 38,2 фоизга ошган. Бу даврда чет элда ишлаб чиқарилган автомобиллар энг кўп Тошкент шаҳри (5 209 дона), Фарғона (1 610 дона), Тошкент (834 дона) ва Самарқанд (505 дона) вилоятларида сотилган. Умуман, январь-октябрь ойларида республика бўйича 152,2 минг дона янги енгил автомобиллар, шундан 9,9 минг дона ёки 6,5 фоиз чет элда ишлаб чиқарилган автомобиллар рўйхатга олинди.

Октябрь ойида янги енгил автомобиллар энг кўп сотилган ҳудудлар Тошкент шаҳри – 5 минг 682 дона, Тошкент вилояти – 1 минг 925 дона ва Самарқанд вилояти – 1 минг 416 дона бўлди.

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА

Related articles