Ўзбекистон ва Озарбайжон энергетика соҳасида ҳамкорликни кенгайтиради

Gaz
Ўзбекистон ва Озарбайжон энергетика соҳасида ҳамкорликни кенгайтиради

Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасида ўзаро алоқалар мустаҳкамланиб бормоқда. Бу эса барча соҳаларда ҳамкорлик муносабатларини ўрнатишда муҳим омил бўлаётир.

Бугун Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ва Озарбайжон Республикаси Энергетика вазирлиги ўртасида энергетика соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича “Йўл харитаси” имзоланиши ҳам ана шундай алоқаларнинг мантиқий давоми бўлди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон ва Озарбайжон давлатлари ўртасидаги ҳамкорлик энергетика соҳасини янада такомиллаштиришга хизмат қилиши қайд этилди.

“Йўл харитаси” Ўзбекистон Республикаси энергетика вазирининг биринчи ўринбосари Азим Аҳмедхўжаев ва Озарбайжон Республикаси энергетика вазири Парвиз Шаҳбоз томонидан имзоланди.

Вазирлик тақдим этган маълумотга кўра, 2022-2023 йиллар давомида томонлар мамлакатда қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этишда тегишли танловларда иштирок этишга таклиф қилиши, хусусий инвестициялар ҳисобидан янги иссиқлик электр станцияларини қуриш соҳасида билим ва илғор тажриба алмашиши кўзда тутилган. Шунингдек, ўзаро инвестицияларни рағбатлантириш, энергия (электр энергияси ва табиий газ) бозорларини либераллаштириш ва яратиш, хусусийлаштиришда томонларнинг иштирокини таъминлаш ва хусусий инвестицияларни жалб этиш чора-тадбирлари бўйича тажриба ва ахборот алмашишни амалга ошириш ҳам инобатга олинган.

Имзоланган "Йўл харитаси"га асосан энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш соҳасида ҳамкорликни ташкил этиш, инвестицияларга хусусий секторни жалб қилиш, кадрлар тайёрлаш тадбирлари ҳам режалаштирилган.

Шу билан бирга, “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва “SOCAR” компанияси кимё ва нефт-газ маҳсулотларини экспорт/импорт қилиш бўйича қўшма тадбирларни ташкил этади. “SOCAR” билан Озарбайжон ҳудудида геологик қидирув ва углеводородларни қазиб олиш лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш имкониятларини ишлаб чиқиш, “Ўзбекнефтгаз” корхоналари ходимларининг ишлаб чиқариш амалиётини ташкил этиш ва тажриба алмашиш, ДХШ тамойиллари асосида қайта тикланувчи энергия манбалари лойиҳаларини амалга ошириш бўйича тажриба алмашиш ушбу ҳужжатда кўрсатиб ўтилган.

Маълумот ўрнида, 2022 йилнинг 5 июль куни Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлигида Озарбайжон Республикасининг “SOCAR” компанияси делегацияси аъзолари билан музокаралар бўлиб ўтган эди.

Н.Зиёдуллаева,
ЎзА

Related articles