Oxirgi daqiqa

36 миллионлик халқ буюк мақсад йўлида бирлаштирмоқда

Ватанни севган юрт фарзанди борки, ўз байроғи қаршисида бошини тик тутиб, жўшқин мадҳиясини баралла куйлашни фахр деб билади. Дунё харитасида Ўзбекистон Республикаси – янги суверен ва мустақил давлат пайдо бўлганига 32 йил тўлди. Давлат мустақиллиги, унинг моҳияти нималардан иборат ўзи?

Шу даврда амалга оширилаётган ишлар хусусида Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари, сенатор Минҳожиддин Ҳожиматовнинг фикрлари билан қизиқдик.

– 1991 йил 31 августда жамиятимиз ҳаётига Ўзбекистон давлати, ўзбек давлатчилиги тушунчалари қайта кириб келди. Гарчи давлатчилик ўзбек тарихи учун янгилик бўлмаса-да, 130 йиллик истибдод даврида, айниқса, сўнгги бир неча авлод кўз ўнгида давлат, давлатчилик тушунчаси батамом унут бўлганди. Ўзбек давлатчилиги тикланиши улуғ тарихий воқеа бўлди. Давлатчилик тарихи жаҳон давлатчилиги ибтидоси билан тенгдош бўлган Туронзамин халқи ўзининг буюк яратувчилик, бунёдкорлик салоҳияти, тафаккури билан замонавий тамаддун шароитида ҳам ўзининг юксак маънавий-ахлоқий, маърифий-маданий имкониятларини жаҳонга намоён этмоқда. Дейдиларки, инсон тоғлар ўсишини сезмайди. Лекин ҳар қандай фикрат соҳиби мамлакат, жамиятдаги ўзгаришу юксалишларни ақл-идрок кўзи ила кўра билади. Соҳибқирон Амир Темур “Тузуклар” китобида буюк давлат барпо этиш ҳақида сўзларкан, “Энг баланд минора ҳам ердан кўтарилгай” деган ҳикматни айтади. Шу маънода улуғ мақсад йўлига чиққан мустақил Ўзбекистон давлати тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйганини барчамиз нафақат қалбан, руҳан ҳис қилиб турибмиз, балки бу жараёнларда иштирокчи бўлиб турибмиз. Бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, янгиланишлар натижасида жамиятимиз ҳаёти, одамларнинг онгу тафаккури ўзгармоқда.

Янги Ўзбекистон мамлакат ички ҳаётида ҳам, ташқи сиёсатида ҳам илмий ва амалий жиҳатдан асосланган тараққиёт стратегиясига эгалиги билан ажралиб туради.

Давлат мустақиллигининг айни ҳолати Янги Ўзбекистонда очиқ жамият қуриш ва давлат бошқарувини эркинлаштириш, халқчиллик ва ошкоралик асосидаги давлат бошқаруви тамойили жорий этилганида ҳам намоён бўлади. Демак, Янги Ўзбекистон ғояси ва жараёнининг ўзи мустақилликдир. Негаки, истиқлолнинг биринчи талаби янгилик яратишдир.

Ўттиз икки йил, бу – тарих учун киприк қоқгудек лаҳза. Лекин мана шу қисқа давр ичида мамлакатимизда улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилди ва бу шиддат ила давом этмоқда. Юртимизда яшаётган бир юз ўттиздан ортиқ миллат ва элат вакиллари биргаликда, аҳил ва ҳамжиҳат бўлиб умр кечириши натижасида уларнинг ҳар бири маънавий ва маданий жиҳатдан бойиб бормоқда. Мамлакат тараққиёти, авваламбор, ундаги барқарорлик, миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенглик муҳитига боғлиқ. Давлатимиз раҳбари турли йиғилиш ва анжуманларда, халқаро майдонда ҳам халқимиз ва жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини мазкур масалаларга қаратиб келмоқда. Зотан, мустақиллик – Янги Ўзбекистон давлатининг ўқ илдизи ҳамда Учинчи Ренессанснинг мустаҳкам таянчи ҳисобланади.

Бугунги дунёнинг манзараси кечагисидан катта фарқ қилади. Биз буни халқаро майдонда рўй бераётган воқеалар тадрижидан кўриб, билиб турибмиз. Глобаллашувнинг шартлари жуда оғир ва масъулиятли.

Бу борада жамият ҳаётимиздаги маънавиятга бўлган эҳтиёжни, унинг қудратли кучини тобора ёрқинроқ англаб бормоқда. Ҳар қандай воқелик айнан маънавият асосида шаклланади. “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси” китобида қайд этилганидек, “Маънавият жамиятдаги барча сиёсий-ижтимоий муносабатларнинг мазмуни ва сифатини белгилайдиган пойдевордир. Бу пойдевор қанча мустаҳкам бўлса, халқ ҳам, давлат ҳам шунча мустаҳкам бўлади”.

Бугун Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида халқимиз сиёсий, иқтисодий, ҳуқуқий, ижтимоий ва маънавий жиҳатдан дунё давлатчилигининг илғор тажрибалари билан бир неча асрлик миллий давлатчилигимиз анъаналарининг ҳозирги замон шароитидаги синтезлашган ҳолатида Янги Ўзбекистон давлати қуряпти. Бу эса одамларимиз тафаккурида кескин ўзгаришлар юз беришига, ҳаётга янгича муносабатлар чуқурлашиб боришига кенг имконият яратмоқда. Ана шу ҳолатнинг ўзи жамиятда оммавий сафарбарлик, умумий манфаатлар атрофида жипслашиш, умуммиллий ва умумдавлат тараққиёти йўлида ҳамжиҳатлик чуқурлашиб боришига имкон бермоқда. Ўзбекистоннинг давлатлараро ва минтақалараро муносабатларида қатъий, асосли нуқтаи назари мавжудлигини кўрсатмоқда.

Янгиланган Конституциянинг қабул қилиниши, Янги Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишга қаратилган ислоҳотлар Мустақиллик моҳияти ва қадрини чуқурроқ англашга қанчалик хизмат қилади, деб ҳисоблайсиз?

– Ҳар бир Конституция миллий руҳ, маънавият, халқ менталитети, ўзлиги, миллат тарихи ва маданияти билан узвий боғланганда янада халқчиллик касб этади. Янгиланган Конституциямизда бу жиҳатлар ифодасига алоҳида эътибор қаратилди. Биз бу руҳни Конституциямиз муқаддимасидаёқ яққол сезамиз.

Азми-шижоатнинг яна бир ифодаси сифатида референдумда халқимиз асл ватанпарварлик, фаоллик, катта ишонч билан янги таҳрирдаги Конституциямизни қўллаб-қувватлаб, “Янги Ўзбекистон орзуси”, унинг рўёби учун овоз берди. Бу шунчаки оддий ҳодиса эмас, тарихий воқеадир. “Баҳорнинг қандай келиши, унинг нафасидан маълум”, дейдилар. Ана шу маънода амалларнинг қандай бўлиши, унга куч ва руҳ берувчи ният моҳиятига боғлиқдир. Чиндан ҳам, 30 апрель – Ўзбекистон халқи ҳаётида унутилмас кун бўлди! Янги Ўзбекистоннинг янги Конституцияси қабул қилинди. Мамлакатимиз фуқароларининг 15 миллион 34 минг 608 нафари ёки 90,21 фоизи ёқлаб овоз берди. Халқимиз ҳамжиҳатлиги, маънавий бирлиги, юксак ватанпарварлигини яна бир бор бутун дунёга намоён этди.

Ҳадиси шарифларда “Барча амаллар ниятларга қараб бўлғусидир”, дейилади. Шуни мамнуният билан қайд этиш керакки, янги таҳрирдаги Конституция лойиҳаси умумхалқ муҳокамасига қўйилган кезларда бу ҳужжат халқчил бўлсин, ҳар бир фуқаро ўз таклифини билдирсин, деган холис ният қилинди. Токи, уни халқ иродаси билан умумхалқ референдумида қабул қилганимиздан кейин, ҳар бир Ўзбекистон фуқароси фахр билан “Бу менинг Конституциям!» деб айта олсин. Ана шу жараёнда Президентимиз “Конституциявий ислоҳотларимизнинг бош мақсади – инсон қадри, халқ манфаатини амалда таъминлашдир” деган улуғ ниятни билдирган эди. Янги даврдаги бу ўзгаришларга фуқароларимиз бефарқ қарамади, ўзлари ташаббускор бўлиб, 220 мингдан кўп таклифлар берди ва бошланган хайрли ишлар бу гал ҳам ижобат бўлди. Бу Халқ йўли – Ҳақ йўли деган кўҳна нақлнинг ҳаётимиздаги яна бир мунаввар инъикоси десак адашмаймиз.

Бугун “Янги Ўзбекистон орзуси”, “Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш” каби улуғ мақсадлар халқимизнинг улуғ орзу-умидлари, келажакка доир мақсад-муддаоларини ифода этган муқаддас тушунчаларга айланди.

Давлатимиз раҳбарининг бизни жадидларнинг ҳаёти ва ижодини чуқурроқ ўрганишга даъват этишининг моҳияти нимада? Чунки жадидлар янги давр яратувчилари, фидойилари эди. Ҳар қанча қийинчилик ва мушкулотларга қарамасдан бу йўлга бор-йўғини, керак бўлса, жонини тикиб ҳурриятга эришиш йўлида шижоат билан мардона курашдилар. Илм-маърифат йўлида халқни жаҳолат ботқоғидан олиб чиқиш учун янги усул мактаблари, театрлар, нашриётлар, миллатни уйғотишга чорловчи, маърифат сари етакловчи газета ва журналлар очдилар.

Истеъдодли ёшларни Европанинг нуфузли университетларига ўқишга жўнатдилар. Жамиятга озодлик ва маърифат руҳини олиб кирдилар. Ватаннинг буюк шаън-у шавкатини тиклаш жадид таълимотининг ўзак ғояси ҳисобланади. Абдурауф Фитрат “Юрт қайғуси”ни бежиз “Онам! Сени қутқармоқ учун жонми керакдир?» деган сўзлар билан бошламаган. Бир ёнда мустамлакачилик, бир ёнда мутаассиблик ҳукм сурган ХХ аср бошида миллий руҳни сақлаган ҳолда илғор Ғарб илм-фани ва техникаси ютуқларини ўзлаштириш ғоясини илгари суриш, маърифатпарварлик ҳаракатини вужудга келтириш ва амалга ошириш чинакам маънавий жасорат эмасми?

Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Ҳақ олинур, берилмас”, “Замона илму-фанидан бебаҳра миллат ўзгаларга поймол бўлур”, Абдулла Авлонийнинг “Тарбия биз учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидир”, Мунавварқори Абдурашидхоновнинг “Бу жаҳолат хоҳишидурки, миллат фойдаси учун жонин қурбон қилмоққа лойиқ арслон каби йигитларимиз бутун миллатни ёдларидин чиқориб, истеъдод ва ғайратларини чойхона ва пивахоналарға сарф этмакдадурлар”, деган пурмаъно ўгит ва ҳикматлари бугун ҳам миллатни уйғотувчи, огоҳ этувчи даъватдек жаранглаб турибди.

Биз дунёга бухорийлар, хоразмийлар, самарқандийлар, марғинонийлар, термизийлар, насафий ва фарғонийларни берган буюк халқмиз. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бугун ана ўша силсиланинг бардавомлиги учун замин тайёрланмоқда. Шундай улуғ зотларни тарбиялаб берадиган муҳит ва шароит яратилмоқда.

– Бу йил мустақиллик тантаналари “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!» деган бош ғояни ўзида мужассам этди. Мазкур шиор талқинини қандай ҳаётий мисолларда кўриш мумкин?

– 2016 йил Президентимиз қалбида нур сочган буюк орзунинг “Янги Ўзбекистон” деб аталиши бежиз эмас. Ҳа, “Янги” сўзининг моҳиятидан фаровонлик, бахт, мунавварлик, шодумонлик, қувонч нафаси келади. Бугун 36 миллион инсон миллий бирликка эришиб, ягона Ўзбекистон халқи сифатида буюк мақсад йўлида битта қалбга айланди. Буюк ўзбек шоири Абдулҳамид Чўлпоннинг “Бутун кучни халқ ичидан олайлик, Қучоқ очиб халқ ичига борайлик!» деган сатрларини эсланг.

Шоир таъкидлаганидек катта қалб, халқпарварлик, фарзандлик меҳри ила қучоқ очиб халқ ичига кириш, унинг қалбига назар ташлаб, орзу-умидлари, ниятларини рўёбга чиқариш, оғриқларига малҳам бўлишни ўз ҳаётининг мазмуни, фарзандлик бурчи деб билган юрт сарвари, унинг ўз халқи бахти-саодатини кўзлаб ўйлаган ниятлари ижобатига шу халқнинг ўзи куч беради, руҳ беради. Бу куч ва руҳ моҳиятида “ишонч” деган қутлуғ сўз мужассамдир.

“Янги Ўзбекистонни барпо этиш – бу шунчаки хоҳиш-истак, субъектив ҳодиса эмас, балки туб тарихий асосларга эга бўлган, мамлакатимиздаги мавжуд сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий вазиятнинг ўзи тақозо этаётган, халқимизнинг асрий орзу-интилишларига мос, унинг миллий манфаатларига тўла жавоб берадиган объектив заруратдир”. Давлатимиз раҳбарининг юқоридаги сўзлари бугунги ислоҳотлар, шунчаки ислоҳот учун эмас, улуғ мақсадларга пиллапоя бўлувчи тарихий ўзгаришлар йўли эканини яққол намоён этади.

“Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!» шиори бугун Янги Ўзбекистон давлатининг бош ғоясига айланди. Албатта, бу бежиз эмас. Инсон қадри, унинг бахти саодати, фаровонлиги ҳамма даврларда буюк аждодларимиз таълимотларининг бош мазмуни бўлиб келган. Имом Бухорий тарихга муҳрлаб кетган муқаддас ҳадислардан тортиб, Абу Наср Форобий таълимотлари, Абу Райҳон Беруний ва Абу Али Ибн Сино қарашлари, Соҳибқирон Амир Темур давлатчилик назариялари, Алишер Навоийнинг гуманистик ғоялари моҳиятида ҳам аввало инсонпарвар давлат тузиш мақсади ётади. Абу Али Ибн Сино жамият кишиларнинг ўзаро келишуви асосида қабул қилинадиган адолатли қонунлар ёрдамида бошқарилиши лозимлигини таъкидлайди. Абу Наср Форобий эса агар инсонлар ҳамжиҳат фаровон ҳаёт барпо этиш учун зарур ахлоқий тамойиллар, фазилатлар, адолат, хулқ-атвор ва бошқалар ҳақида етарли билимга эга бўлса, эркинлик, тенглик, фазилатли ҳаёт асосида мукаммал жамоага бирлашиши мумкин деб ҳисоблайди.

Соҳибқирон Амир Темур ўз давлатининг куч-қудратини ошириш ва мустаҳкамлаш учун биринчи навбатда ҳарбий ва энг муҳим иқтисодий ислоҳотлар ўтказгани маълум. Мазкур ислоҳотлар замирида аввалги давр донишмандларининг ақл-идроки, ғоялари мужассам эди

Амир Темур ҳамиша инсон манфаатларини кучайтиришга интилиб, ирқи, миллати, дини ва келиб чиқишидан қатъи назар инсонларнинг бир бутун ҳудудда яшаши мумкинлиги тўғрисидаги “ягона макон” ғоясининг илк ташаббускори бўлган эди.

Алишер Навоий ижодининг марказида инсон, унинг қадр-қиммати туради. Унинг наздидаги комил инсон, аввало, халққа пок қалби ва пок ниятлари, эзгу сўзи, эзгу амали билан ҳам фойда келтириш керак. Шоир эл-юрт манфаати учун курашадиган кишиларни ҳақиқий инсонлар деб атайди.

Президентимиз айтаётган ижтимоий давлат муҳтожларга уй-жой, яшаш учун зарур бўлган истеъмол товарларининг энг кам миқдори белгилаб қўйилишини назарда тутади. Шахс ва унинг оиласи муносиб ҳаёт кечириши учун етадиган иш ҳақи, бандликни таъминлаш, хавфсиз меҳнат шароитини яратиш, камбағалликни қисқартиришни талаб қилади.

Мамлакатимизда аҳоли турмуш даражасини юксалтириш, бандликни таъминлаш, кафолатланган сифатли таълим, малакали тиббий ёрдам, барча учун тенг имкониятлар яратиш, оилалар, болалар, аёллар, қариялар, ногиронлиги бор шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида ана шундай эзгу мақсадлар мужассам.

Миллий давлатчилигимиз тарихини ўрганганимизда ҳам “ижтимоий давлат” тушунчаси шунга ўхшаш номларда кўплаб учрашига гувоҳ бўламиз. Масалан, Абу Наср Форобийнинг “Фозил одамлар шаҳри” асарида фозил шаҳар ҳақида билдирилган фикрлар айнан “ижтимоий давлат” тамойилининг мазмун-моҳиятига уйғундир.

Президентимиз ушбу тушунчани изоҳлар экан, “Ижтимоий давлат бу, энг аввало, инсон салоҳиятини рўёбга чиқариш учун тенг имкониятлар, одамлар муносиб ҳаёт кечиришига зарур шароитлар яратиш, камбағалликни қисқартириш, демакдир”, дея таъриф берган эди. Назаримизда, буюк боболаримиз орзу қилган ва ўз асарларида келтирган “фозил шаҳар орзуси” “ижтимоий давлат” тушунчаси моҳиятидаги халқпарвар ёндашувда мужассамдир.

Мафкуравий курашлар гоҳ ошкора, гоҳ пинҳона тус олган, инсон онги ва қалби учун курашлар кескинлашган таҳликали замонда маънавий тарбия масаласи ҳаёт-мамот масаласига айланмоқда. Ана шу маънода жамият аъзоларини энг гўзал фазилатлар, миллий ва умуминсоний қадриятлар, бурч, Ватанга масъуллик руҳида тарбиялаш орқали эришилган маънавий тараққиёт мамлакат аҳлига бунёдкорлик ва яратувчанлик руҳини бахш этишда драйвер вазифасини ўтайди.

Даврнинг ана шу талаб ва эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда Республика Маънавият ва маърифат маркази ўз фаолиятини тубдан танқидий-таҳлилий кўриб чиқиб, маънавий-маърифий соҳадаги эскирган ёндашувлар, самарасиз усул ва воситалардан воз кечган ҳолда, янгича аниқ мақсадга йўналтирилган замонавий тарғибот технологияларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишни ўз олдига мақсад қилиб қўйди.

Мавжуд таҳдидлар, нохолис ахборот хуружларига қарши муносиб жавоб бера олиш соҳа ходимларининг билим ва малакаларини мунтазам ошириб боришини, рақамли маконда янада фаоллашишни тақозо этади.

Абдулазиз РУСТАМОВ суҳбатлашди, ЎзА