Мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришда автомобиль транспорти муҳим ўрин тутади. Бугунги кунда ҳаётни транспорт воситаларисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Транспорт одамларнинг узоғини яқин, оғирини енгил қилишда асосий воситадир.
Бугунги кунда айниқса, экологик муаммолардан ҳоли бўлган электромобилларга талаб ўсиб бормоқда. Шундан келиб чиқиб, электр энергиясини ҳаракат мобайнида ўз ҳисобидан мустақил ишлаб чиқарувчи электромобиллар йилдан-йилга кўпаймоқда.
Давлат статистика қўмитаси маълумотларига қараганда, 2021 йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистонга хориждан 76 та электромобиль импорт қилинган. Жорий йилнинг ноябрь ойида импорт қилинган электромобиллар сони октябрь ойига нисбатан 21 тага ошган. Мамлакатимизда ноябрь ойидаги электромобиллар хариди учун 1,8 миллион АҚШ доллари сарфланган.
Мутахассислар фикрига кўра, электромобилни бошқариш ноқулайлик туғдирмайди. Электромобилнинг ҳаракатланиш механизмлари тез ва шовқинсиз ишлайди. Двигателнинг вибрацияси йўқ. Равон тезланиш олади ва тўхтайди. Шунинг учун ҳам уни бошқаришни катта ёшли инсонлар ҳам тез ўрганиб олиши мумкин.
Электромобиль ўзининг бензинда ҳаракатланувчи рақобатчисига қараганда қимматроқ туради. Электромобиль зарядсиз қанча масофага юра олиши эса кўпчиликни қизиқтириши табиий. Бугун талаб юқори бўлган электромобиллардан бири “Chevrolet Volt дир. Tesla Model S” электромобили эса тўла заряди билан 425 километр юра олади.
Энг муҳими бу машиналар экологик тозаликни сақлашда муҳим қадам бўлиши мумкин. Электромобиль бекорга “яшил авто” сифатида тан олинмаган. Углеводородли ёнилғи сарфловчи машиналарга нисбатан электромобиль табиатга келтирадиган зарари арзимас даражада. Шунинг учун бугунги “яшил автомобиллар” тараққий этган мамлакатлардан бири саналган АҚШда электр қуввати билан юрадиган автомобиллар йилига юз минглаб сотилади.
Қолаверса, электромобилни уй шароитида 220 волт ёрдамида қувватлаш мумкин. 100 километр масофага тахминан 3000-5000 сўмлик энергия сарфланади. Электромобилларни махсус станцияларда 80 фоизгача қувватлаш мумкин.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, электромобиль аккумуляторлар батареяси ўрнатилган бир ёки бир неча электр двигатель ёрдамида ҳаракатланадиган автомобиль ҳисобланиб, XX аср бошларида Ғарбий Европа ва АҚШда электромобилдан такси, почта фургони, коммунал хўжалик машиналари, енгил автомобиллар сифатида фойдаланилган.