"Ўзбекгидроэнерго" АЖ беш йил ичида ўн олтинчи – “Зарчоб-2” ГЭСини ишга туширди (видео)

"Ўзбекгидроэнерго" АЖ беш йил ичида ўн олтинчи – “Зарчоб-2” ГЭСини ишга туширди (видео)

Жорий йилнинг 19-20 ноябрь кунлари “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун Сурхондарё вилоятига пресс-тур уюштирилди.

Тадбир доирасида иштирокчилар Сариосиё туманидаги “Тўпаланг” сув омбори, “Тўпаланг”, “Зарчоб-1” ва “Зарчоб-2” гидроэлектр станцияларида бўлди.

“Тўпаланг” сув омбори Сариосиё тумани марказидан қарийб 40 километр узоқликда жойлашган. Ўзига хос табиати ва баланд тоғлар қуршовидаги ушбу катта сув иншооти бу ерда яшовчи аҳоли учун энг зарур манба ҳисобланади.

"Тўпаланг" ГЭС унитар корхонаси бошлиғи ўринбосари Рустам Ботировнинг маълум қилишича, ушбу сув омбор таркибида тош-тупроқли тўғон, сув чиқариш ва ГЭС мавжуд. Денов, Шўрчи, Қумқўрғон туманларидаги экинзорлар ушбу сув омбори орқали суғорилса, унинг қуйи қисмидаги ГЭС қуввати вилоятнинг жанубий ҳудудларини электр энергияси билан таъминлайди.

Соҳа олимларининг хулосасига кўра, “Тўпаланг” сув омборидаги сув манбаси экологик тоза, ичишга яроқли ҳамда таркибий жиҳатдан инсон организми учун қатор фойдали минерал хоссаларига бой экан. Ундаги сувнинг қаттиқлик даражаси эса 4 фоизни ташкил этиши ҳам инсон соғлиғига фойдалидир.

Президентимизнинг “Тўпаланг” сув омборидан ичимлик суви тармоғи тортиш бўйича кўрсатмаларига мувофиқ, айни кунларда вилоятнинг 11 та туманида амалий ишлар бошлаб юборилган. Бу жуда мураккаб лойиҳа бўлиб, даставвал “Тўпаланг” сув омборининг қуйи қисмида босимни сўндириш, сувни тозалаш ва тарқатиш иншоотлари қурилади. “Тўпаланг” сув омборидан олинган сув аввал асосий иншоотга қўйилади, кейин эса магистраль қувурга узатилади. Яъни, сув омборидан туманлардаги сув тақсимлаш узелларигача жами 361 километр қувур тортилади. Бу тизим самарасида Сариосиё, Денов, Шўрчи, Қумқўрғон, Жарқўрғон, Бандихон, Қизириқ, Шеробод, Ангор, Музработ, Термиз туманлари ва Термиз шаҳридаги 1,7 миллион аҳолининг сув таъминоти яхшиланади. Лойиҳани 2024 йилда ишга тушириш кўзда тутилган.

"Тўпаланг" гидроэлектр станцияси раҳбари Асрор Улуғов журналистларга интервью берар экан, унда “Тўпаланг” дарёсида барпо этилган гидроэлектр станциялари электр энергиясини ишлаб чиқаришда катта иншоот сувидан уч бора фойдаланиш имкониятига эга бўлганини қайд этди.

– 1998 йилда "Тўпаланг" ГЭСида қурилиш-монтаж ишлари бошланган. 2006 йилга келиб, ҳар бири 15 мегаваттли иккита кичик гидроагрегатимиз ишга туширилди. Бугунги кунга қадар бу ерда 30 мегаватт электр энергия ишлаб чиқарилмоқда. Президентимиз ташрифи чоғида биринчи ва иккинчи гидроагрегатларни ҳам қуриш бўйича топшириқлар берган эди. Унга кўра, айни кунларда ҳар бири 72,5 мегаваттли иккита гидроагрегатни қуриш ишлари давом эттирилмоқда. Бугунги кунга қадар 45 фоиз ускуналар Россия Федерациясидан олиб келинган. Ҳар икки гидроагрегат ишга туширилгач, 175 мегаватт қувватга эга бўлади. Шу тариқа, "Тўпаланг" ГЭСи мамлакатимиздаги "Чорвоқ" ГЭСидан кейинги иккинчи ўриндаги станцияга айланади. Жорий йилнинг 1 апрель куни "Тўпаланг" дарёсида "Зарчоб-1" ГЭСи фойдаланишга топширилган бўлса, ноябрь ойининг бошида "Зарчоб-2" ГЭСи барча техник ва механик синовлардан ўтказилиб, унда ишлаб чиқарилаётган электр энергияси ягона тармоққа узатилмоқда, – деди "Тўпаланг" гидроэлектр станцияси раҳбари Асрор Улуғов.

Пресс-турнинг иккинчи куни журналистлар яна бир иншоот – "Зарчоб-2” кичик гидроэлектр станциясининг расмий топшириш маросимида қатнашди.

Давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, нуронийлар ва ёшлар, хорижлик мутахассислар иштирок этган ушбу маросимда Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов, “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси, сенатор Абдуғани Сангинов, Хитойнинг “Dongfang Electric International Corporation” компанияси бош менежери Сун Чжен Фэнг ва бошқалар энергетика соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларда барқарор ва узлуксиз электр энергиясини ишлаб чиқариш ҳамда қайта тикланувчи энергия манбалардан унумли фойдаланишга катта аҳамият қаратилаётганини қайд этди. Бунда “Ўзбекгидроэнерго” АЖ мамлакатимизда табиий сув энергиясидан оқилона ва самарали фойдаланиш, янги ГЭСларни қуриш, мавжудларини модернизация қилиш борасида инвестициявий лойиҳалар асосида тизимли ишларни амалга ошириб келмоқда.

Жумладан, “Ўзбекгидроэнерго” АЖ томонидан 2020 йилда мураккаб пандемия шароитига қарамай, 6 та янги қурилиш ва модернизация лойиҳалари ҳаётга татбиқ этилди. Ушбу лойиҳаларнинг умумий қуввати 118,3 мегаваттдир. Натижада қўшимча 543 миллион кВт.соат электр энергиясини ишлаб чиқаришга пухта замин яратилди.

Таъкидланганидек, Сариосиё туманида бунёд этилган “Зарчоб-1” ва “Зарчоб-2” ГЭСлари ушбу акциядорлик жамиятининг истиқболли инвестиция лойиҳаларидандир. Бу станциялар қурилиши Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 2 майдаги “2017-2021 йилларда гидроэнергетикани янада ривожлантириш чора-тадбирлари Дастури тўғрисида”ги ва 2018 йил 19 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилга мўлжалланган Инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорларига асосан амалга оширилгани билан муҳим аҳамиятга эга.

Лойиҳавий қуввати 38,2 мегаваттли “Зарчоб-2” ГЭС учун зарурий асбоб-ускуналар ҳамда гидроагрегатлар маҳаллий ва хитойлик мутахассислар томонидан монтаж қилинди. Зарурий технологик қурилмалар Хитойнинг етакчи компанияси “Dongfang Electric International Corporation” томонидан етказиб берилди.

“Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси, сенатор Абдуғани Сангинов қайд этганидек, бу лойиҳалар катта ва машаққатли меҳнат эвазига амалга оширилмоқда. Сенатор бу улкан ишларда фаол қатнашган маҳаллий ва хорижлик мутахассисларга, тизимдаги воҳа ишчи-ходимларига миннатдорлик билдирди.

– Зарчоб-1” ва "Зарчоб-2" лойиҳаларнинг умумий қиймати 80 миллион доллар бўлиб, шундан 29 миллион доллари Хитой Халқ Республикаси, 51 миллион доллари "Ўзбекгидроэнерго" АЖ ҳисобига тўғри келади. Агар тарихга назар ташласак, 2006 йил “Тўпаланг” дарёсида битта 30 мегаваттли қувват мавжуд эди. Бугунги кунга келиб, 350 мегаваттга етадиган лойиҳалари устида ишлаяпмиз. Бунда 75 мегаватти иккита "Зарчоб" ГЭСларидан чиқяпти. 2022 йилда 175 мегаваттли "Тўпаланг" ГЭСи ишга туширилади. Президентимиз яна 75 мегаваттли лойиҳаларни амалиётга татбиқ этиш бўйича топшириқ бердилар. Бу режалар амалга оширилгач, "Тўпаланг" дарёси сувидан беш марта фойдаланиб, электр энергия олиш имкониятига эга бўламиз. 2017 йилдан буён "Ўзбекгидроэнерго" АЖ томонидан 16 та янги станция ишга туширилди. Бешта станция модернизация қилинди. Бир кўз олдимизга келтирсак, ўтган 25 йил ичида мамлакат бўйича бор-йўғи битта станция – 30 мегаваттли "Тўпаланг" ГЭСи ишга туширилган. Янги "Зарчоб-2" 16-станциямиздир, – деди “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси, сенатор Абдуғани Сангинов.