Озарбайжон Туркиядан қўшимча газ етказиб бериш бўйича сўров олди.
Сўровда Эрондан газ импорт қилишда юзага келган техник муаммолар сабаб қилиб кўрсатилган, деб ёзмоқда РИА Новости Озарбайжон Давлат газнефткомпаниясининг (SOCAR) расмий вакили Ибрагим Аҳмедов берган маълумотга таяниб.
Туркиянинг энг йирик газ экспортёрларидан бўлган Эрон техник муаммолар сабабли газ етказиб беришни 10 кунга тўхтатиб туришини маълум қилган эди. Кейинроқ Теҳрон газ етказиб беришни қайта йўлга қўйгани ҳақида маълум қилди, бироқ Туркия ҳукумати ушбу баёнотни қабул қилмади ва вазиятни ўнглаш учун махсус делегациясини Теҳронга жўнатди.
Туркияда ишлаб чиқарилаётган электр қувватининг ярмидан кўпи газ ёқадиган электрстанцияларда ишлаб чиқарилади, шу боис ҳукумат деярли барча саноат ҳудудларда ҳафтанинг уч кунида электр таъминотини узиб қўйишга мажбур бўлди.
"Туркиянинг Эрондан газ импорти билан боғлиқ сўнгги пайтларда кузатилаётган техник муаммолар шароитида, Туркия томони Azerbaijan Gas Sales Company (AGSC)га қўшимча газ етказиб бериш ҳақида мурожаат қилганди. AGSC "Шахдениз" консорциумида иштирок этаётган компания ҳисобланади. Туркия жўнатган сўров компания томонидан кўриб чиқилиб, Озарбайжондан Туркияга экспорт қилинаётган газ миқдорини имкон қадар оширишга қарор қилинди", - дейди Аҳмедов.