Жорий йилнинг 31 май куни Озарбайжонда Боку энергия ҳафталиги ўз ишини бошлади.
Ҳафталик доирасида “Каспий нефть ва гази – Caspian Oil&Gas” 28-халқаро кўргазмаси, “Энергетика ва яшил энергия – Caspian Power“ 11-халқаро кўргазмаси ва Боку энергетика форуми ташкил этилди.
Тадбирнинг тантанали очилиш маросимида иштирок этган Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев ушбу халқаро кўргазма-анжуман қарийб 30 йилдан буён Озарбайжонга ўз салоҳиятини сармоядорларга намойиш этишда ёрдам бериб келаётганини эътироф этди.
Президент, шунингдек, ушбу йирик тадбир мамлакатда нефть ва газ соҳасига тамал тошини қўйиб, иқтисодий барқарорлик ва фаровон келажакни таъминлашга сабабчи бўлган, Озарбайжон мустақиллигининг асосчиси Ҳайдар Алиев таваллудининг 100 йиллиги кенг нишонланаётган бир пайтда ўтказилаётганлигига алоҳида урғу берди.
Аҳамиятлиси, Каспий бўйи минтақасининг энергетика соҳасидаги ушбу нуфузли халқаро тадбирда жаҳоннинг нефть ва энергетика соҳасидаги етакчи компаниялари вакиллари қаторида “Ўзбекнефтгаз” АЖ раҳбарияти бошчилигидаги делегация аъзолари ҳам иштирок этмоқда.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ матбуот хизматининг маълум қилишича, кўргазманинг биринчи кунида Озарбайжон раҳбари экспозициялар, шу жумладан, Ўзбекистоннинг нефть-газ соҳасига бағишланган “Ўзбекнефтгаз” АЖ стенди билан ҳам танишди.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ раҳбарияти Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев билан бўлган учрашувда “SOCAR” давлат нефть компанияси иштирокида Ўзбекистонда амалга оширилаётган лойиҳалар икки давлат муносабатларини барқарор ривожлантиришга асос бўлаётганини таъкидлади.
Озарбайжон Республикаси раҳбари мамлакатлар ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашда кўрсатаётган етакчилиги ва кўмаги учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевдан миннатдорлигини билдирди.
Ўз навбатида, ҳафталик доирасида ўтказилган форумда нефть ва газ конларини ўзлаштириш, қудуқларни қуриш ва улардан фойдаланиш, бурғулаш, ускуналарни лойиҳалаш каби мавзуларда маърузалар тингланди.
Боку энергия ҳафталиги 3 июнь куни ўз ишини якунлайди.