Oxirgi daqiqa

Париж битими асосида ҳамкорлик йўналишлари муҳокама қилинди

Иқтисодиёт ва молия вазирлигида АҚШнинг “Gas Green Asia LLC” ва “Ecoeye Co. LTD” компанияларининг вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.

Унда томонлар Париж битимининг 6-боб 4-моддасида белгиланган ҳамкорлик йўналишлари ҳақида сўз юритди. Хусусан, иссиқхона газларини қисқартириш бўйича CDM (Мусаффо ривожланиш механизми) доирасида амалга оширилган лойиҳаларни Париж битимининг 6-моддасида белгиланган механизмга ўтказиш масалалари муҳокама қилинди.

Музокаралар давомида “Gas Green Asia LLC” компанияси ва “Ҳудудгазтаъминот” АЖ ҳамкорлигида амалга оширилаётган иссиқхона газлари чиқарилишини қисқартириш лойиҳаси юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Қайд этиш керакки, 2015 йил 12 декабрда иқлим ўзгариши билан боғлиқ ортиб бораётган глобал таҳдидларнинг олдини олиш мақсадида Париж битими қабул қилинган. Ҳозирги вақтда Париж битимини имзолаган мамлакатларнинг 180 таси мазкур ҳужжат иштирокчиси ҳисобланади.

Ўзбекистон 2017 йил 19 апрелда БМТнинг Нью-Йоркдаги бош қароргоҳида Париж битимини имзолаган. Ушбу битим Ўзбекистон учун қатор имкониятларни тақдим этади. Хусусан, энергия самарадорлиги ва энергия тежаш бўйича давлат дастурларини амалга оширишда иқлимий молиялаштириш ресурсларини жалб қилиш, қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантириш, ер-сув ресурсларини бошқаришни яхшилаш, салбий экологик оқибатларга қарши курашиш шулар жумласидандир.

Учрашув якунида томонлар йўналишда амалга оширилаётган ҳамкорликни кенгайтириш имкониятларини ўрганиб чиқишга келишиб олди, дейилади вазирликнинг Жамоатчилик билан алоқалар бошқармаси хабарида.