Ғузор туманида 300 МВтли қуёш фотоэлектр станцияси қуриш лойиҳаси бўйича ўтказилган тендерда 8 компания навбатдаги босқичга ўтди

Ғузор туманида 300 МВтли қуёш фотоэлектр станцияси қуриш лойиҳаси бўйича ўтказилган тендерда 8 компания навбатдаги босқичга ўтди

Мамлакатимизда янги энергия қувватларини барпо этиш, хусусан, бу борада қайта тикланувчи энергия манбалари асосида электр станцияларининг қурилиши жадал суръатларда амалга оширилмоқда.

2020 йилда қабул қилинган “2020-2030 йилларда Ўзбекистон Республикасини электр энергияси билан таъминлаш концепцияси”га асосан юртимизда электр энергиясини ишлаб чиқариш қувватларини 30 ГВтга ошириш ва бунда қайта тикланувчи энергия манбалари улушини 25 фоизга етказиш белгиланган.

Мазкур концепцияга кўра, Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида 300 МВт қувватга эга қуёш фотоэлектр станцияси ва 63 МВт/125 МВт.с (2 соат давомида соатига 63 МВт қувват берадиган) энергия сақлаш батарея станциясини бунёд этилади.

Станция қурилишини давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида хусусий инвестор томонидан амалга оширишилиши учун Осиё тараққиёт банкининг техник кўмагида инвестор танлови бошланган. Танловнинг биринчи босқичида инвесторлар тажриба ва пул ресурслари мавжудлиги шартларидан ўтиши керак.

Ушбу жараёнлар ҳақида Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги Лойиҳа офиси директори ўринбосари Баҳромбек Умарбеков маълумот берди.

-Танловнинг биринчи босқичига келиб тушган 12 та аризадан 8 таси Тендер комиссияси томонидан минимал шартларга жавоб берди, деб топилди. Маълумот учун айтиш жоизки, Тендер коммиссияси Энергетика вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ, Молия вазирлиги, Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги раҳбарлари ва ходимларидан ташкил топган.

Натижага кўра, Abu Dhabi Future Energy Company PJSC – Masdar (Бирлашган Араб Амирликлари), ACWA Power Company (Саудия Арабистони), China Huadian Engineering Co. Ltd. (Хитой) ва Universal Energy Co. Ltd. (Хитой) компаниялари корсорциуми, Concord New Energy Group Limited (Хитой), GD Power Development Co. Ltd. (Хитой) ва PowerChina International Group Limited (Хитой) компаниялари корсорциуми, Jinko Power (HK) Company Limited (Хитой), ReNew Solar Power Private Limited (Ҳиндистон) ва Ajlan & Bros Energy Company (Саудия Арабистони) компаниялари корсорциуми, VPE Fund I LP (Бирлашган Араб Амирликлари), Helios Mech Pte. Ltd. (Сингапур) ва LLC Solar System (Россия) танловнинг кейинги босқичига ўтди, - деди Б.Умарбеков.

Насиба Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА