Марказий сайлов комиссияси фаолияти юзасидан ахборот берилди

Марказий сайлов комиссияси фаолияти юзасидан ахборот берилди

Бугун АОКАда Марказий сайлов комиссияси ахборот хизмати раҳбари Муродилла Алимбоев иштирокида брифинг бўлиб ўтди. Унда Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги йиғилиши юзасидан ахборот берилди.

— Марказий сайлов комиссиясининг куни кеча бўлиб ўтган мажлисида комиссия фаолиятига доир муҳим масалалар кўриб чиқилди, — деди Муродилла Алимбоев. — Хусусан, 2022 йил биринчи ярим йиллигида Марказий сайлов комиссиясининг фаолияти таҳлили асосида амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди.

Марказий сайлов комиссиясининг 2022 йил биринчи ярим йиллигидаги фаолияти давомида сайлов қонунчилиги ва амалиётини такомиллаштириш, сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш масалаларида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, сайлов ташкилотчиларини тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш, сайлов жараёнларига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини янада кенг жорий қилиш каби устувор йўналишлар бўйича иш олиб борди. Шунингдек, Марказий сайлов комиссияси фаолияти самарадорлигини ошириш, Котибияти тузилмаси ва фаолиятини такомиллаштириш, маҳаллий Кенгашларга сайлов ўтказувчи сайлов комиссиялари фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, брифингда иккинчи ярим йилликда ўтказилиши режалаштирилаётган Ўзбекистон Республикаси референдумига тайёргарлик кўриш, уни юқори савияда ташкил этиш борасида Марказий сайлов комиссиясининг устувор вазифаларига тўхталиб ўтилди.

Таъкидланганидек, референдум жараёнларида кузатувчилар фаолиятини тартибга солиш, уларнинг ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси референдумида хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлардан қатнашадиган кузатувчилар тўғрисидаги ҳамда Сиёсий партиялар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва фуқароларнинг ташаббускор гуруҳларидан кузатувчилар фаолияти тартиби тўғрисидаги низомлар қабул қилинди. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида референдум ўтказувчи участка комиссияларини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА