Ўзбекистон мудофаа вазири Қозоғистон мудофаа вазири бошчилигидаги ҳарбий делегацияни қабул қилди

Ўзбекистон мудофаа вазири Қозоғистон мудофаа вазири бошчилигидаги ҳарбий делегацияни қабул қилди

Ўзбекистон мудофаа вазири генерал-лейтенант Баҳодир Қурбонов 22 ноябрь куни Қозоғистон мудофаа вазири генерал-лейтенант Мурат Бектанов бошчилигидаги ҳарбий делегацияни қабул қилди.

Учрашувда томонлар мудофаа соҳасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларининг бугунги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилиб, уни янада кучайтириш борасида фикр алмашдилар. Хусусан, Қозоғистонда бўлиб ўтган “Қалқон – 2021” ҳамда Ўзбекистонда давом этаётган “Ҳамкорлик – 2021” қўшма ўқувларининг аҳамияти, бўлинмаларнинг жанговар тайёргарлик масалаларига атрофлича тўхталиб ўтишди.

Мулоқот давомида қардош халқларнинг бирдамлиги, икки томонлама ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорлик масалаларининг жорий ҳолати ҳамда истиқболлари, минтақавий хавфсизлик масалалари муҳокама этилди.

Учрашув сўнгида Ўзбекистон ва Қозоғистон мудофаа вазирликлари ўртасида ҳарбий соҳада ҳамкорлик бўйича қатор тадбирларни ўз ичига олган битим имзоланди.

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаментидан маълум қилинишича, ташриф давомида Қозоғистон ҳарбий делегациясининг пойтахтимиздаги «Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси, Мудофаа вазирлиги “Чимён” тоғ тайёргарлиги ўқув-машқлар маркази ва Қуролли Кучлар академияси фаолияти билан танишуви ҳамда Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округининг “Термиз” дала ўқув майдонида ўтказилаётган “Ҳамкорлик – 2021” Ўзбекистон – Қозоғистон ўқувларини кузатуви ҳам режалаштирилган.