Истеъмолчилар ҳуқуқлари ҳимоя қилинди

Истеъмолчилар ҳуқуқлари ҳимоя қилинди

Одамларнинг соддалигидан фойдаланиб, носоз техника буюмларини «ўтказмоқчи» бўлаётган тадбиркорлар сони кўпаймоқда.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар томонидан эса бу каби муаммоларга ечим топиляпти.

Зарбдорлик Шаҳноза Қурбонова Жиззахдаги “LEADER” савдо дўконидан 1 миллион 400 минг сўмга телефон сотиб олган эди. Аммо у телефонни уйига олиб борса, ундан нуқсон чиққан. Шундан сўнг, дўкон сотувчиси телефонни янгисига алмаштириб берган. Буни қарангки, иккинчи телефон ҳам умуман ишламас экан. Уни алмаштиришдан сотувчи бош тортгач, фуқаро ҳақ-ҳуқуқларидан фойдаланиб, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Жиззах вилоят ҳудудий бирлашмасига ариза билан мурожаат қилади.

Мазкур ҳолат мутасаддилар томонидан ўрганилиб, истеъмолчига ишламаётган телефон сифатлисига алмаштириб берилди.

Шунингдек, шу туманда истиқомат қилувчи яна бир истеъмолчи Мафтуна Омонованинг ҳам муаммоси ўз вақтида ҳал этилди.
Фуқаронинг аризасига кўра, у “PREMIER” савдо дўконидан 3 миллион 400 минг сўмга музлаткич сотиб олган. Аммо музлатгични хонадонига ўрнатгач, яхши ишламаган.

Фуқаро сервис хизматига уч маротаба мурожаат қилиб, музлатгични созлатса ҳамки, фойдаси бўлмайди.
Боз устига сотувчининг қўпол муомаласидан ранжиган фуқаро Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг 10-91 рақамли ишонч телефонига мурожаат қилишга мажбур бўлган.
Туман Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан муаммо атрофлича ўрганилиб, носоз музлаткич янгисига алмаштирилди.


ЎзА