Ҳуқуқий ва молиявий имкониятлар экспортнинг барқарор ўсишида рағбатлантирувчи омилдир

Ҳуқуқий ва молиявий имкониятлар экспортнинг барқарор ўсишида рағбатлантирувчи омилдир

Глобаллашув жараёнида миллий иқтисодиётнинг барқарор ривожланишини таъминлашдаги муҳим масалалардан бири ташқи иқтисодий фаолиятни самарали ташкил этиш ҳисобланади.

Ташқи иқтисодий фаолиятнинг самарали ташкил этилиши иқтисодиётнинг барча тармоқларида рақобатлашувнинг ортишига ижобий таъсир кўрсатиш билан бирга, мамлакатнинг жаҳон бозоридаги ўрнини мустаҳкамлайди.

Хўш, ташқи иқтисодий фаолиятдаги асосий стратегия нималардан иборат? Мамлакат экспорт салоҳиятини ошириш бўйича қандай чоралар кўриляпти? Умуман, молиявий имкониятларни кенгайтиришдаги таъсирчан чоралар экспорт равнақида қандай роль ўйнайди?

Аввало, мамлакатимизнинг ташқи иқтисодий фаолиятидаги асосий стратегияси импорт ўрнини босувчи ишлаб чиқаришни ташкил қилиш билан бирга, экспортга йўналтирилган маҳсулот ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва ўзининг жаҳон бозоридаги рақобатбардошлигини кучайтириши лозим. Ўз навбатида, бу жараёнлар Ўзбекистон Республикасининг жаҳон хўжалигига интеграциялашувида унинг ҳудудий ва глобал даражадаги рақобатбардошлиги бўйича қиёсий устунлиги, ташқи иқтисодий сиёсатни ишлаб чиқиш ва уни амалга ошириш билан кўп жиҳатдан боғлиқ.

Амалга оширилаётган таркибий ислоҳотлар бўйича қизғин мунозараларнинг мавжудлигига қарамасдан, ташқи иқтисодий сиёсатни ишлаб чиқишда мамлакатнинг географик, ишлаб чиқариш ва технологик, меҳнат ресурсларидан фойдаланиш самарасини инобатга олиш муҳим ўрин тутади. Чунки халқаро меҳнат тақсимотининг кучайиши халқаро молиявий муносабатлар иштирокчиларидан юқори даражадаги рақобатбардошликни талаб этади.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда ташқи иқтисодий фаолиятни ривожлантириш, хорижий мамлакатлар билан савдо-иқтисодий алоқаларни кучайтириш, шунингдек, юқори сифатли рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш асосида жаҳон бозорларидан мустаҳкам ўрин эгаллаш ва шу орқали миллий иқтисодиётнинг экспорт салоҳиятини оширишга қаратилган иқтисодий ислоҳотлар фаол равишда амалга оширилмоқда.

Мамлакатимизнинг жаҳон бозорларида мустаҳкам ўрин эгаллаши ва унинг ташқи иқтисодий салоҳиятининг ортиши кўп жиҳатдан миллий иқтисодиётнинг экспорт имкониятларига боғлиқдир. Шу билан биргаликда, сўнгги йилларда Ўзбекистон иқтисодиётининг ривожланиши учун ташқи савдонинг роли, айниқса, унинг экспорт салоҳиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мазкур ҳолатни қуйидаги долзарб масалалар билан изоҳлаш мумкин: биринчидан, экспорт хорижий валюта кириб келишининг асосий манбаси бўлиб, хориждан импорт товарларини харид қилиш, мамлакат валюта захирасини тўлдириш ва молиявий барқарорлигини таъминлаш учун зарур ҳисобланади.

Иккинчидан, жаҳон бозоридаги кескин рақобатлашув шароитида миллий ишлаб чиқарувчиларнинг юқори сифатли ва рақобатбардош маҳсулотлар билан жаҳон бозорларига чиқишини фаоллаштириш зарурияти, учинчидан эса, халқаро капитал бозорининг жаҳон савдосига нисбатан жадал суръатлар билан ўсиш тенденциясининг намоён бўлиши ва шунга мувофиқ тарзда мамлакатларнинг молиявий ўзаро боғлиқлигининг тез суръатларда ўсиши, молия ва валюта тизими барқарорлигини таъминлаш мамлакат ташқи иқтисодий сиёсатини минтақавий ва жаҳон миқёсида доимий равишда мувофиқлаштиришни талаб қилади.

Аҳамиятлиси, юртимиз ижтимоий-иқтисодий тараққиётининг ҳозирги босқичида экспорт ҳажмларини кўпайтириш орқали макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, тайёр маҳсулот етказиб берувчиларни қўшимча молиявий ва ташкилий рағбатлантириш юзасидан ҳуқуқий-меъёрий асосларнинг яратилаётганидадир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 21 октябрдаги “Экспорт фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлашни янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони фикримизга яққол далил бўлади. Мазкур фармонга мувофиқ мамлакат экспорт салоҳиятини ошириш мақсадида экспорт қилувчиларни молиявий қўллаб-қувватлашга қаратилган қатор имтиёзли тартиблар жорий этилди. Хусусан, Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси экспорт қилувчиларга, экспортолди молиялаштириш, шу жумладан, айланма маблағлар учун ажратиладиган кредитлар бўйича тижорат банки томонидан белгиланган кредит фоиз ставкаси ва миқдоридан қатъи назар миллий ва хорижий валютадаги кредитлар бўйича фоиз харажатларига компенсациялар тақдим этиши ҳамда шу йўналишда ажратиладиган кредитлар бўйича кафиллик бериши экспорт салоҳиятини оширишдаги молиявий имкониятларни кенгайтиришда муҳим роль ўйнамоқда.

Мамлакат экспорт салоҳиятини ошириш, экспорт қилувчи корхоналарни молиявий қўллаб-қувватлашни янада кучайтиришга қаратилган таъсирчан чора-тадбирларни жорий этишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 13 июлдаги “Экспорт фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш тўғрисида”ги қарорининг қабул қилиниши муҳим аҳамият касб этди. Унга кўра, экспорт қилувчиларни молиявий қўллаб-қувватлаш имкониятларини янада кенгайтириш мақсадида Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармасига 5 йил муддатга 1 фоиз ставкасида 100 миллион доллар миқдорида маблағ ажратилиши белгиланди. Бу ҳолат мамлакатимизда фаолият юритаётган экспорт қилувчи корхоналарни молиявий қўллаб-қувватлаш, уларни имтиёзли молиявий ресурслар билан таъминлаш орқали фаолият самарадорлигини оширишга қулай шароит яратди.

Фикримизча, истиқболда экспорт салоҳиятини ривожлантириш ва унинг маҳсулот таркибини диверсификация қилиш иккита ўзаро алоқадор бўлган омиллар гуруҳи орқали белгиланади. Бир томондан бу табиий ресурслар соҳасидаги қиёсий устунликлар билан тавсифланган статик омиллар бўлиб, уларнинг таъсири натижасида кейинчалик юқори технологик ва юқори даражада қайта ишланган маҳсулотларга эътиборни кучайтиришга имкон яратилади. Бошқа томондан бу инновациялар ва илмий-техник ютуқлар билан боғлиқ бўлган динамик равишда ўзгариб турадиган рақобат устунлиги омиллари ҳисобланади.

Мазкур омилларнинг биргаликда узвий ҳаракати натижасида миллий иқтисодиёт рақобатбардошлигини ошириш, экспортнинг барқарор ўсиши ва умуман, иқтисодиёт ривожида рағбатлантирувчи таъсирни таъминлашга эришилади.

Қайд этиш лозимки, мамлакатимизнинг ташқи иқтисодий фаолияти ва жаҳон хўжалигига интеграцияси мажмуи аниқ белгиланган мақсадлар ҳамда уларни амалга оширишга қаратилган асосий тадбирларни ўз ичига олади. Бунинг учун аввало, миллий иқтисодиётнинг кучли экспорт бўғинини ташкил этувчи ва унинг жаҳон бозорида муносиб ўринни эгаллашини таъминловчи тармоқларни аниқлаш, шунингдек, иқтисодиётнинг экспорт соҳасида давлат томонидан қўллаб-қувватлаш усулларидан кенг фойдаланиш лозим.

Мазкур жараёнда экспорт қилувчи корхоналар фаолиятини ривожлантириш учун ишлаб чиқаришни кенгайтиришга имтиёзли фоизлар бўйича узоқ муддатли кредитлар ажратиш, экспортга йўналтирилган ишлаб чиқаришларни ташкил этишга қаратилган лойиҳаларни амалга оширишга инвестицияларни кенг жалб этиш, экспортчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида рағбатлантирувчи чора-тадбирларни янада фаоллаштириш мақсадга мувофиқ.

Глобаллашув шароитида миллий хўжаликларнинг умумжаҳон меҳнат тақсимотида фаол иштирок этиши уларнинг муваффақиятли фаолият кўрсатишининг муҳим шартига айланиб бормоқда.

Юқорида ташқи иқтисодий фаолиятдаги асосий стратегия нималардан иборат деган саволга жавоб шуки, мазкур жараёнда мамлакатимизда ташқи иқтисодий фаолиятни ривожлантириш ҳамда экспорт салоҳиятини оширишдаги асосий стратегик мақсадлар – миллий иқтисодиётнинг жаҳон иқтисодий тизими интеграциясига қўшилиб боришини таъминлаш, юқори илмий сиғимли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга мўлжалланган лойиҳаларни жорий этишга хорижий капитални кенг жалб этиш орқали мамлакатнинг экспорт салоҳиятини ошириш, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришга мўлжалланган лойиҳаларни амалга ошириш орқали миллий иқтисодиётнинг импорт маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини имкон қадар қондириш, экспортга мўлжалланган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва хорижий капитални жалб этишда эркин иқтисодий ҳудудларда яратилган шарт-шароит ва имкониятлардан кенг фойдаланиш ва ташқи иқтисодий фаолият инфратузилмасини янада ривожлантириш талаб этилади.

Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, миллий иқтисодиётда экспорт қилувчи корхоналарни рағбатлантириш ва рақобатбардош маҳсулотларнинг экспорт қилинишини кенгайтириш, тўғридан-тўғри чет эл инвестицияларини жалб қилиш ҳамда жаҳон иқтисодиётига интеграциялашувни кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар ушбу йўналишда барқарор иқтисодий ўсишга эришишнинг муҳим омили бўлиб хизмат қилади.

Жасурбек АТАНИЯЗОВ,

Тошкент молия институти профессори.

ЎзА