Ўзбекистондаги фаол банклар аниқланди

Ўзбекистондаги фаол банклар аниқланди

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан мамлакатимиздаги тижорат банклари учун “Банклар фаоллик индекси” ишлаб чиқилган. Марказ мазкур индексга асосан ҳар чоракда банклар рейтингини янгилаб бормоқда.

Учинчи чорак рейтинг кўрсаткичларига кўра, ўтган чоракдаги етакчилар ўз ўринларини сақлаб қолди. “Капитал банк”, “Ҳамкор банк” ва “Траст банк” энг фаол банклар учлигини бошқаришда давом этмоқда.

“Агробанк” ва “Турон банк” тез ўсиш суръатларини кўрсатди, “Халқ банки” ва “Асака банк” каби айрим банкларнинг рейтингдаги позициялари бироз ёмонлашди.

Ушбу тадқиқот банк тизими активларида хусусий сектор улушининг ўзгаришини мониторинг қилиб бориш, шунингдек, банк тизимида ислоҳотлар ва трансформация жараёнлари самарадорлигини баҳолаш мақсадида ўтказиб келинмоқда.

2020-2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикаси банк тизимини ислоҳ қилиш стратегиясига мувофиқ, “Ипотека банк”, “Ўзсаноатқурилишбанк”, “Асака банк”, “Алоқа банк”, “Қишлоқ қурилиш банк” ва “Турон банк”даги давлат улушини босқичма-босқич хусусийлаштириш режалаштирилган. Биринчи босқичда банклар фаолиятини трансформация қилиш, иккинчи босқичда давлат акциялар пакетини сотиш кўзда тутилган.

Йирик давлат банклари хусусийлаштирилгандан сўнг молиявий хизматлар бозорида жиддий ўзгаришлар юз бериши, натижада янги хизматлар ва рақобатнинг янада кучайиши кутилмоқда.

“Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки”, “Агробанк” ва “Микрокредитбанк”нинг устав капиталида давлат улуши сақлаб қолинади.

Маълумот ўрнида айтиш жоиз, 2021 йил 1 сентябрь ҳолатига банк тизими активлари ҳажми 403,8 триллион сўмни, ўз навбатида, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш 22,5 фоизни ташкил этди.