Ўзбекистон ва ЕОИИ мамлакатлари ўртасидаги савдо айланмаси тўрт йилда 75 фоизга ошди

Ўзбекистон ва ЕОИИ мамлакатлари ўртасидаги савдо айланмаси тўрт йилда 75 фоизга ошди

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази маълум қилишича, жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида Ўзбекистон Республикасининг Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо давлатлар билан ташқи савдо айланмаси 8 миллиард 887,8 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Шундан экспорт ҳажми 2 миллиард 911,6 миллион АҚШ доллари, импорт ҳажми эса 5 миллиард 976,2 миллион АҚШ долларига етди.

Маълумот ўрнида айтиш жоиз, ЕОИИнинг Ўзбекистон билан савдосининг 55 фоиздан кўпроғи Россияга, 34 фоизга яқини – Қозоғистонга, 8 фоизга яқини – Қирғизистонга, 3 фоизга яқини – Беларусга, 0,1фоиз эса Арманистон ҳиссасига тўғри келади.

Ўзбекистон 2020 йилнинг декабрида Евроосиё иқтисодий иттифоқида кузатувчи мақомини олди. Бу эса савдо-иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлаш имконини беради.

Евроосиё иқтисодий иттифоқи мамлакатларининг 2020 йилда Ўзбекистон Республикаси билан савдо айланмаси қарийб 10 миллиард долларни ташкил этди. ЕОИИ мамлакатларининг улуши Ўзбекистон умумий товар экспортининг 30-31фоизини ташкил этади.

Ўзбекистон 2019 йилда умумий қиймати 9,42 миллиард долларлик маҳсулот экспорт қилди, шундан 2,83 миллиард долларлик маҳсулот ЕОИИ ҳудудига етказиб берилди. Маълумотларига кўра, Ўзбекистон ва ЕОИИ мамлакатлари ўртасидаги савдо айланмаси тўрт йилда 75 фоизга ошган.

Асосан, Ўзбекистон тўқимачилик, металлургия ва кимё саноати маҳсулотлари, шунингдек, озиқ-овқат, мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилади. Қурилиш материаллари, ёғочни қайта ишлаш ва кимё саноати маҳсулотлари, шунингдек, қайта ишланган озиқ-овқат маҳсулотлари, жумладан, сут ва гўшт маҳсулотлари ЕОИИдан импорт қилинади.